Cайт ранги: A A


Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси тўғрисидаги
НИЗОМ



I. Умумий қоидалар


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) мақомини, асосий вазифаларини, ваколатларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Комиссиянинг мақсади оилани мустаҳкамлаш, оналик, оталик 
ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари 
ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида кўмаклашишдан иборат.

3. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига ва ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.

4. Комиссия ўз фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) олдида ҳисобдордир.


II. Комиссиянинг асосий вазифалари ва ваколатлари


5. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

оилани мустаҳкамлашга, оналик, оталик ва болаликни муҳофаза қилишга, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий ҳаётда аёлларнинг иштирокини янада фаоллаштиришга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;

аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини, оилавий ажримлар ҳолатини таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш ишларида иштирок этиш, бу соҳада таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

аёллар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан жиноятчиликнинг, айниқса, уларнинг қонунга зид равишда чет элга чиқиб кетишининг олдини олишга доир самарали механизмларни жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

аёлларни иш билан таъминлашга доир чораларнинг самарадорлигини баҳолашга, хотин-кизларнинг касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратишга, уларнинг бандлигини таъминлашга, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантиришга, хотин-кизларни тадбиркорликка кенг жалб этишга кўмаклашиш;

аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш ва оиланинг тиббий маданияти даражасини оширишда кўмаклашиш;

жойларда, хусусан, маҳаллаларда, оилаларда, хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган тарбиявий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда иштирок этиш;

жойларда депутатлар томонидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари ва ўрганишлар давомида оила ва хотин-қизлар масалаларига оид қонун ҳужжатларида аниқланган бўшлиқ, камчилик ва муаммоларни таҳлил қилиб бориш, шу асосда тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига оила ва хотин-қизларга оид масалалар бўйича аниқланган қонун бузилишларини ҳамда уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар киритиш;

оила ва хотин-қизлар масалаларига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда бу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилишини таъминлашга кўмаклашиш;

оила ва хотин-қизлар масалаларига оид қонун ҳужжатларининг ижроси бўйича самарали ва таъсирчан парламент ва депутат назоратини амалга ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

оиланинг жамиятдаги ўрнини янада ошириш ва мустаҳкамлашга, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига доир, шунингдек оила ва хотин-қизлар масалаларига оид қонун ҳужжатларини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган ташвиқот ва тарғибот тадбирларини («давра суҳбати», учрашув, семинар, конференция ва бошқалар) ташкил қилиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш.

6. Комиссиянинг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг оила 
ва хотин-қизлар масалаларига оид қонун ҳужжатлари, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг қарорлари улар томонидан қандай ижро этилаётганлиги ҳақидаги ахборотини эшитиш юзасидан Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмаларига ва унинг қўмиталарига таклифлар киритиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига оила 
ва хотин-қизларга оид масалалар юзасидан парламент ва депутат сўровини юбориш ҳақида таклифлар киритиш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларигаоила ва хотин-қизлар масалаларига оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан тавсиялар киритиш;

оила ва хотин-қизларга оид масалаларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар тузиш, уларнинг таркибига давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассис 
ва олимларни ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар вакилларини жалб этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан тегишли ҳужжатларни, эксперт хулосаларини, статистика маълумотларини 
ва бошқа ахборотни талаб қилиб олиш;

Комиссия қарорларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш.

Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

7. Комиссия ўз фаолиятини амалга оширишда давлат ҳокимияти 
ва бошқаруви органлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика «Оила» илмий-амалий маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар билан ижтимоий ҳамкорлик ўрнатади.


III. Комиссия ишини ташкил этиш


8. Комиссия Қонунчилик палатасининг қарорига асосан, саккиз нафар депутатдан (Комиссия раиси, унинг ўринбосари ва Комиссия аъзолари) иборат таркибда, Қонунчилик палатасининг ваколат муддатига тузилади.

9. Комиссия раиси, унинг ўринбосари ва Комиссия аъзолари 
ўз вазифаларини жамоатчилик асосида амалга оширади.

10. Комиссия раиси:

Комиссия фаолиятига раҳбарлик қилади, унинг иш режаси лойиҳаси тайёрланишини ташкил этади ва Комиссиянинг тасдиқланган иш режаси бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

Комиссиянинг йиғилишларини чақиради ва уларда раислик қилади;

Комиссия ваколатига тегишли бўлган масалаларни унинг йиғилишида кўриб чиқиш учун киритади;

Комиссия қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг ижро этилишига доир ишларни ташкил этади.

11. Комиссия раисининг ўринбосари Комиссия раиси йўқлигида унинг вазифасини бажариб туради, Комиссия томонидан белгиланадиган бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.

12. Комиссия ўз фаолиятини йиллик (заруратга қараб ярим йиллик) 
иш режасига асосан амалга оширади.

13. Комиссия йиғилишлари Комиссия раиси томонидан, заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир марта чақирилади. Комиссия йиғилишлари Қонунчилик палатаси Спикери ташаббусига кўра ҳам чақирилиши мумкин.

14. Комиссия ишининг ташкилий шакли йиғилиш ҳисобланади. Комиссия йиғилиши унда Комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.

15. Комиссия қарорлари йиғилишда иштирок этган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

16. Комиссия қарорлари тавсиявий ҳарактерга эгадир. Комиссия қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.

17. Комиссия қарорлари баённома билан расмийлаштирилади.

18. Комиссия йиғилишларига кўриб чиқилаётган масалага алоқадор бўлган давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг 
ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг, илмий муассасаларнинг, хўжалик юритувчи субъектларнинг вакиллари, мутахассислар, олимлар 
ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилиши мумкин.

Комиссия йиғилишларида Қонунчилик палатаси Спикери, унинг ўринбосарлари, Қонунчилик палатасининг қўмиталари раислари ва аъзолари, Девони масъул ходимлари ҳам иштирок этиши мумкин.

19. Комиссия ўз фаолияти тўғрисида Қонунчилик палатасининг мажлисида ҳар олти ойда ахборот тақдим этади.


IV. Комиссия тўғрисидаги низомга ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш тартиби


20. Ушбу Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар Қонунчилик палатасининг қарори билан киритилади.

КОМИССИЯСИ ТАРКИБИ

ФАЙЗИЕВА 
Дилором Хуснитдиновна

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар 
ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, комиссия раиси

БЕКАТОВА
Зумрад Рахимбаевна

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси, комиссия раисининг ўринбосари

Комиссия аъзолари

ХАЛИЛОВА
Наргиз Алихановна

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси

ХАИТОВ
Урал

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият 
ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси

ЭШМАТОВА
Феруза Фарходовна

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар 
ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси

КОШЕЛАПОВА
Людмила Викторовна

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси

КУРБОНОВ
Абдурахим Эшонкулович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси

ПОЛВАНОВ 

Шухрат Тагаймуратович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси


Депутатлар минбари

Янгиликлар

09.11.2018
Туризмга доир қонунчилик такомиллаштирилади

2018 йилнинг 8 ойи давомида мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 3,4 млн. нафардан...

08.11.2018
Депутатлар жамият ривожига хизмат қиладиган масалаларни кўриб чиқдилар

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалигида уруғчиликнинг...

08.11.2018
Хориждаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли муҳофазаланади

Мамлакатимиз ҳаётида жиддий ўзгаришлар юз бераётган, жамиятимизнинг турли жабҳаларида кенг кўламли...

Тадбирлар тақвими