Cайт ранги: A A


Ёшлар масалалари бўйича комиссия

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси тўғрисидаги

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) мақомини, асосий вазифаларини, ваколатларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Комиссиянинг мақсади ёшларга оид давлат сиёсатини изчил 
ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашишдан иборат.

3. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига ва ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.

4. Комиссия ўз фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) олдида ҳисобдордир.

II. Комиссиянинг асосий вазифалари ва ваколатлари

5. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларда мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш ҳиссини кучайтиришга, шунингдек ёшларнинг демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда, мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий 
ва маданий ҳаётидаги иштирокини янада фаоллаштиришга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;

ёшларнинг, айниқса, уюшмаган, иш билан банд бўлмаган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратишга, бандлигини таъминлашга, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантиришга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга кўмаклашиш;

ёшларнинг ҳуқуқий, тиббий ва экологик маданиятини юксалтиришга, улар ўртасида китобхонликни ривожлантиришга, уларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, эстетик, бадиий дунёқарашини кенгайтиришга кўмаклашиш;

ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда, хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни амалга оширишда кўмаклашиш;

ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва оила муқаддаслиги ғояларини кенг тарғиб қилишга, эрта турмуш қуриш ва ёш оилалар ажралишининг олдини олишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;

жойларда депутатлар томонидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари ва ўрганишлар давомида ёшлар масалаларига оид қонун ҳужжатларида аниқланган бўшлиқ, камчилик ва муаммоларни таҳлил қилиб бориш, 
шу асосда тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига ёшларга оид масалалар бўйича аниқланган қонун бузилишларини ҳамда уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар киритиш;

ёшлар масалаларига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда бу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилишини таъминлашга кўмаклашиш;

ёшлар масалаларига оид қонун ҳужжатларининг ижроси бўйича самарали ва таъсирчан парламент ва депутат назоратини амалга ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

ёшларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини янада ошириш 
ва мустаҳкамлашга, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига доир, шунингдек ёшлар масалаларига оид қонун ҳужжатларини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган ташвиқот 
ва тарғибот тадбирларини («давра суҳбати», учрашув, семинар, конференция 
ва бошқалар) ташкил қилиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш.

6. Комиссиянинг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ёшлар масалаларига оид қонун ҳужжатлари, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг қарорлари улар томонидан қандай ижро этилаётганлиги ҳақидаги ахборотини эшитиш юзасидан Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмаларига 
ва унинг қўмиталарига таклифлар киритиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига ёшларга оид масалалар юзасидан парламент ва депутат сўровини юбориш ҳақида таклифлар киритиш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан тавсиялар киритиш;

ёшларга оид масалаларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар тузиш, уларнинг таркибига давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассис ва олимларни ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар вакилларини жалб этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан тегишли ҳужжатларни, эксперт хулосаларини, статистика маълумотларини 
ва бошқа ахборотни талаб қилиб олиш;

Комиссия қарорларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш.

Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

7. Комиссия ўз фаолиятини амалга оширишда давлат ҳокимияти 
ва бошқаруви органлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар билан ижтимоий ҳамкорлик ўрнатади.

III. Комиссия ишини ташкил этиш

8. Комиссия Қонунчилик палатасининг қарорига асосан, ўн бир нафар депутатдан (Комиссия раиси, унинг ўринбосари ва Комиссия аъзолари) иборат таркибда, Қонунчилик палатасининг ваколат муддатига тузилади.

9. Комиссия раиси, унинг ўринбосари ва Комиссия аъзолари 
ўз вазифаларини жамоатчилик асосида амалга оширади.

10. Комиссия раиси:

Комиссия фаолиятига раҳбарлик қилади, унинг иш режаси лойиҳаси тайёрланишини ташкил этади ва Комиссиянинг тасдиқланган иш режаси бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

Комиссиянинг йиғилишларини чақиради ва уларда раислик қилади;

Комиссия ваколатига тегишли бўлган масалаларни унинг йиғилишида кўриб чиқиш учун киритади;

Комиссия қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг ижро этилишига доир ишларни ташкил этади.

11. Комиссия раисининг ўринбосари Комиссия раиси йўқлигида унинг вазифасини бажариб туради, Комиссия томонидан белгиланадиган бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.

12. Комиссия ўз фаолиятини йиллик (заруратга қараб ярим йиллик) 
иш режасига асосан амалга оширади.

13. Комиссия йиғилишлари Комиссия раиси томонидан, заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир марта чақирилади. Комиссия йиғилишлари Қонунчилик палатаси Спикери ташаббусига кўра ҳам чақирилиши мумкин.

14. Комиссия ишининг ташкилий шакли йиғилиш ҳисобланади. Комиссия йиғилиши унда Комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.

15. Комиссия қарорлари йиғилишда иштирок этган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

16. Комиссия қарорлари тавсиявий ҳарактерга эгадир. Комиссия қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.

17. Комиссия қарорлари баённома билан расмийлаштирилади.

18. Комиссия йиғилишларига кўриб чиқилаётган масалага алоқадор бўлган давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг 
ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг, илмий муассасаларнинг, хўжалик юритувчи субъектларнинг вакиллари, мутахассислар, олимлар 
ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилиши мумкин.

Комиссия йиғилишларида Қонунчилик палатаси Спикери, унинг ўринбосарлари, Қонунчилик палатасининг қўмиталари раислари ва аъзолари, Девони масъул ходимлари ҳам иштирок этиши мумкин.

19. Комиссия ўз фаолияти тўғрисида Қонунчилик палатасининг мажлисида ҳар олти ойда ахборот тақдим этади.

IV. Комиссия тўғрисидаги низомга ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш тартиби

20. Ушбу Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар Қонунчилик палатасининг қарори билан киритилади.


КОМИССИЯСИ ТАРКИБИ


ТОЖИЕВ 
Козимжон Ўктамович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси, комиссия раиси

АБДИЖАМИЛОВ
Жолдасбай Зинатдинович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси, комиссия раисининг ўринбосари

Комиссия аъзолари

ШУКУРОВ 
Элбек Хабибуллаевич

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси

КОБИЛОВ 
Рустам Ражаббойевич

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси аъзоси

ХУСАНОВА
Мухтабар Акбаровна

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик 
ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси

КУШЕРБАЕВ 
Расул Хидралиевич

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси

ЖУМАБАЕВ 
Акмалжон Адилович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик 
ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси

ХОДЖИЕВ 
Иброхим Икрамович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар 
ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси

ТУЛЯКОВ 
Элдор Собиржонович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси

УМАРАЛИЕВ

Акмалжон Акбаралиевич

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш 
ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси

СУЛАЙМАНОВ

Умиджон Курбонович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси


Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими