Cайт ранги: A A


Парламент тарихи

Ҳуқуқий давлатчиликни шакллантириш кўплаб муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ бўлган мураккаб ва давомли жараёндир. Парламентаризм принциплари асосида фаолият кўрсатувчи давлат институтлари билан боғлиқ масалалар Ўзбекистонда ҳуқуқий давлатчиликнинг қарор топишига тааллуқли муаммолар силсиласида муҳим ўрин тутади. Чунки XXI асрнинг бошларига келиб оддий бир ҳақиқат - тўла ваколатга эга бўлган парламентсиз мамлакатда тўлақонли демократия бўлиши мумкин эмаслиги яққол кўзга ташланиб қолди. Бинобарин, фуқаролар демократия тўғрисидаги тасаввурларини аввало давлатни идора этишда ўзлари иштирок этишларининг реал имконияти билан, қолаверса парламент орқали қонун ижодкорлиги жараёнига таъсир кўрсата олиш имкониятлари билан боғлайдилар.

Парламент тарихи асрлар билан ўлчанади. Замонлар ўзгариши билан парламентларнинг роли ҳам изчил ўзгариб, унинг моҳияти янги ғоялар, тамойиллар билан, шаклланиш ва фаолият кўрсатиш тажрибаси билан бойиб бормоқда. Парламентаризм ғояси биринчи минг йиллик бўсағасида Римда, Англия ва Испанияда халқ мажлислари шаклида юзага келган бўлиб, шундан сўнг давлат анжумани даражасига кўтарилгунга қадар яна бир неча тараққиёт босқичларидан ўтди.

Шу зайлда парламент давлат институти сифатида узоқ тарихни босиб ўтди. Парламентаризм тараққиётининг бош тенденцияси шундан иборатки, парламентлар ижтимоий турмушда марказий ўрин тутади. Табиийки, ҳар бир давлат парламентнинг тузилиши ва фаолият кўрсатиш масалаларини ўзича ҳал этади. Лекин бу кенг амалиётида ҳисобга олинадиган муштарак белгилар бўлиши мумкин эмас, деган маънони англатмайди, албатта. Шу муносабат билан парламент институтлари қарор топиши ва ривожланиш тажрибаси ўрганилишини таъминлаш, тарихдаги уларнинг аҳамиятини, ўрнини англаш, улар табиатининг ҳозирги пайтдаги тадрижий гараққиёти ва моҳиятини тушуниб етиш, келгусида уни ривожлантириш истиқболларини белгилаб олиш жуда муҳимдир.

Ўзбекистон қонун чиқарувчи олий органининг қарор топиши ўзига хос жиҳатларига эга. Бу аввало тарихий ўтмишга боғлиқ. Миллий ўзлик давлат қурилишининг турли шакл ва усулларини назарда тутади. Шундай қурилишнинг танлаб олинган муайян усули эса миллий-тарихий ўзига хослик билан умумжаҳон тамойилларининг синтезидир. Зеро, ҳар қандай ижтимоий воқеликни англаш учун биринчи навбатда у муайян тарихий босқичнинг конкрет шароитларида қай тарзда юзага келганлигини, ўз тараққиётида қайси асосий босқичлардан ўтганлигини, ана шу ривожланиш жараёнида қай даражада ўзгарганлигини, истиқболда унинг қай тарзда ҳаракат қилишини англаб олиш муҳим эканлиги бежиз эмас. Ана шу қоидалар ҳар қандай ижтимоий воқеликни, шу жумладан парламент сингари муҳим институт масаласини кўриб чиқишда алоҳида аҳамият касб этади. Қолаверса, амалиётнинг далолат беришича, парламентаризмнинг қарор топиши ўта мураккаб, баъзан эса машаққатли жараёндир.

Унда тарихий даврнинг ўзига хос жиҳатлари, ҳар бир алоҳида мамлакатнинг ижтимоий ва давлат ҳаёти, миллий анъаналари, халқнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий хоҳиш-иродаси намоён бўлади. Табиийки, ижтимоий амалиётнинг ривожи, тарихий тараққиётнинг кечиши мамлакат қонун чиқарувчи органи тўғрисидаги назарий тасаввурларни ҳам ўзгартириб боради.

Қонунчилик ҳокимияти давлат ҳокимиятининг муҳим таркибий қисми бўлиб, уни такомиллаштириш давлат ҳокимияти бутун тизимининг тарихий эволюцияси билан боғлиқ. Шу сабабли қонун чиқарувчи олий органларнинг қарор топиши ва ривожланиши муаммоларини ҳар томонлама таҳлил этиш давлат қурилиши назарияси ва амалиёти учун, Ўзбекистон парламентаризмининг келажаги учун теран аҳамият касб этади. Айни пайтнинг ўзида истиқболни белгилаб олиш учун ўтмишни чуқур ва холис ўрганмоқ зарур. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов таъкидлаганидек: "Миллатни асраш керак, миллатни асраш учун эса унинг ҳақиқий тарихини ўрганиш, авайлаб ҳимоялаш керак". Демак, тарихий ёндашув сиёсий-ҳуқуқий таҳлилнинг ажралмас қисми бўлиб, усиз сиёсий воқеликка ҳаққоний баҳо бериб бўлмайди.

Ўзбекистoн 1991 йил 1 сентябрда давлат мустақиллигига эришгач, давлат ҳокимиятининг энг муҳим институтларидан бири сифатида миллий парламентни ривожлантиришнинг сифат жиҳатидан янги босқичи бошланди. Миллий парламентаризмнинг энг янги тарихи умум эътироф этилган учта асосий даврга бўлинади.

Биринчи давр: 1991-1994 йиллар

иккинчиси: 1995-2004 йиллар

учинчи давр: 2005 йилдан ҳозирги пайтгача.


Биринчи давр: 1991-1994 йиллар

Ўтиш даври парламенти деб аташ мумкин бўлган охирги чақириқ Олий Кенгаш давлат бошқарувининг мутлақо янги органларини ташкил этишнинг, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган адолатли демократик жамият қуришнинг ҳуқуқий негизи бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди. Парламент ёш давлатнинг суверенитетини мустаҳкамлашга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонунларни қабул қилди.

Олий Кенгашнинг ўн иккинчи сессияси 1994 йил 23 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига биринчи сайловни 1994 йил 25 декабрда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Уч босқичда (1994 йил 25 декабрда, 1995 йил 8 ва 22 январда) бўлиб ўтган сайлов якунларига биноан 245 нафар депутатдан иборат таркибдаги парламент шакллантирилди. Сайлов кўп партиявийлик асосида ўтказилди.

Иккинчи давр: 1995-2004 йиллар

Олий Кенгаш ўрнига Ўзбекистон Республикасининг бир палатали парламенти — Олий Мажлис шакллантирилди. Биринчи чақириқ (1995-1999 йиллар) Олий Мажлис таркибида Ўзбекистон Халқ-демократик партиясидан кўрсатилган 69 нафар, «Адолат» социал-демократик партиясидан 47, «Ватан тараққиёти» партиясидан 14 ва «Миллий тикланиш» демократик партиясидан кўрсатилган 7 нафар депутат бўлиб, депутатларнинг қолган қисмини ҳокимият вакиллик органларидан кўрсатилган шахслар ташкил этди.

Иккинчи чақириқ (2000-2004 йиллар) Олий Мажлисга сайлов ҳокимият вакиллик органлари билан бир каторда бешта сиёсий партия ва сайловчилар ташаббускор гуруҳлари иштирокида бўлиб ўтди. Иккинчи чақириқ Олий Мажлисда 11 нафар депутатни бирлаштирган «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси, 10 нафар депутатдан иборат «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси, 20 нафар депутатга эга бўлган «Ватан тараққиёти» партияси фракцияси, 34 нафар депутат ташкил этган Фидокорлар миллий-демократик партияси фракцияси, 49 нафар депутатдан иборат Халқ-демократик партияси фракцияси, 107 нафар кишидан иборат ҳокимият вакиллик органларидан сайланган депутатлар блоки ва 16 нафар сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар блоки рўйхатга олинди. Кейинчалик «Ватан тараққиёти» ва «Фидокорлар» партиялари битта «Фидокорлар» партиясига бирлашганлиги муносабати билан иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг иккинчи сессиясида уларнинг парламентдаги фракциялари аъзолари ҳам бирлашиб, 54 нафар депутатни бирлаштирган битта фракцияни ташкил этдилар.

Иккинчи чақириқ Олий Мажлис таркибида сиёсий партияларнинг фракциялари ва депутатлар блокларидан ташқари қуйидаги 13 та қўмита ҳам фаолият кўрсатди:

- Бюджет, банк ва молия масалалари қўмитаси;

- Иқтисодиётни ислоҳ қилиш масалалари ва тадбиркорлик қўмитаси;

- Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси;

- Саноат, қурилиш, транспорт ва алоқа масалалари қўмитаси;

- Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси;

- Матбуот ва ахборот қўмитаси;

- Ижтимоий масалалар ва бандлик қўмитаси;

- Аграр, сув хўжалиги масалалари ва озиқ-овқат қўмитаси;

- Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси;

- Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси;

- Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси;

- Ёшлар ишлари қўмитаси;

- Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси.

Парламентда, шунингдек 3 та доимий комиссия ишлаган: Регламент, одоб ва депутатлар фаолиятининг таъминоти комиссияси; Оила ва аёллар муаммолари комиссияси; Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси.

Мазкур босқичда қонун ижодкорлиги депутатлар ишининг бош йўналишига айланди. 1995-2004 йилларда Олий Мажлис 240 та қонун, 778 та қарор қабул қилди, амалдаги қонун ҳужжатларига 1573 та ўзгартиш ва қўшимча киритди, 130 тадан зиёд халқаро шартнома ва битимни ратификация қилди. Мамлакатнинг қонун чиқарувчи олий органи мазкур босқичда давлат суверенитетини, фуқаролар тинчлиги ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга, жамиятда демократик, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга кўмаклашадиган қонунлар ишлаб чиқиш ва қабул қилишга интилди. Натижада парламент мамлакатнинг демократик ва тараққиёт йўлидан мустақил ривожланиб боришининг ҳуқуқий негизини анчагина кенгайтирди ва мустаҳкамлади. Мисол учун, биринчи чақириқ Олий Мажлис томонидан қабул қилинган «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунларда, бошқа қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида асос солинган нормалар янада ривожлантирилди.

Парламент назорати ҳам Олий Мажлис фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлди. Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари қонунлар, конвенциялар, миллий дастурлар ижросини назорат қилиш тартибида ҳар йили 60 га яқин масалани кўриб чиқдилар. Бундай назорат Қорақалпоғистон Республикаси, мамлакатнинг барча вилоятлари, шунингдек Тошкент шаҳрини қамраб олди. Бир палатали Олий Мажлиснинг назорат фаолиятини таҳлил этиш бир қатор қонуниятларни намоён этди. Биринчидан, мамлакат тараққиётининг янги босқичини ва ҳуқуқни татбиқ этиш амалиётини ҳисобга олган ҳолда муқаддам қабул қилинган қонунларни такомиллаштириш тамойили йил сайин кучая борди. Иккинчидан, қонун ижодкорлиги иши борган сари тармоқ тусини касб этиб, айрим соҳалардаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга интилди. Учинчидан, бир неча қўмита ва комиссияларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан тайёрланган ҳамда муҳокамага киритилган ҳуқуқий ҳужжатларнинг сони ортиб борди.

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайлов ва икки палатали парламента ўтиш (2004 йил декабрь — 2005 йил январь).

Икки палатали парламентга ўтиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш асосида амалга оширилган конституцион ислоҳотлар, шунингдек асосий конституциявий қонунлар қабул қилиниши натижасида Қонунчилик палатасига сайлов ўтказилиб, у икки босқичдан иборат бўлди. Сайлов ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, сайлов участкаларига бўлинган 120 та сайлов округи ташкил этди. Сайловнинг биринчи босқичи 2004 йил 26 декабрь куни ўтказилиб, 62 нафар халқ ноиби, 2005 йил 9 январда бўлиб ўтган иккинчи босқичда Қонунчилик палатасига 58 нафар депутат сайланди. Сайловлар ҳам Ўзбекистонда фаолият юритаётган сиёсий партиялар, ҳам сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳлари кўрсатган депутатликка номзодлар иштирокида бўлиб ўтди. Сайловда қуйидаги сиёсий партиялар иштирок этди: Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси, Ўзбекистон «Фидокорлар» миллий-демократик партияси (2000 йилнинг июнида «Фидокорлар» партияси «Ватан тараққиёти» партияси билан бирлашган), Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси, шунингдек Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси.

Учинчи давр.

Миллий парламентаризм ривож топишининг учинчи даври Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисидан бошланиб, бунда янги икки палатали Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари амалда ўз ишларига киришдилар. Мамлакатимиз қонун чиқарувчиларининг ана шу тарихий анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов дастурий маъруза қилиб, унда жамиятимизни демократлаштириш ҳамда янгилашнинг аниқ ва теран асослантирилган концепциясини, шунингдек мамлакатимизни 2005 йилда ва узоқ муддатли истиқболда ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилишнинг асосий вазифаларини илгари сурди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг давлатимиз бошлиғи томонидан олға сурилган устувор йўналишлари ҳамда аниқ мақсадли вазифалари асосида ишлаб чиқилган 2005-2009 йилларга мўлжалланган қонунчилик фаолияти дастурини қабул қилди.

Икки палатали парламент ташкил этилгач, Ўзбекистон Республикасида қонун чиқарувчи ҳокимият ўз тараққиётида янги поғонага кўтарилди. Энг асосийси, гарчи қонунчилик жараёни анча мураккаблашган бўлса-да, қабул қилинган қонунларнинг сифати сезиларли даражада ошди. Қонунларни қабул қилишда сиёсий партияларнинг роли кучайди. Қонун лойиҳаларини партияларнинг фракцияларида олдиндан кўриб чиқиш, Қонунчилик палатаси ялпи мажлисларида ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда уларнинг фикрларини албатта эшитиш амалиёти шаклланди.

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...

15.09.2017
Феруза ИБРАГИМОВА: Юксак маънавият, интелектуал салоҳият – мамлакат келажаги

Кутубхоналар – халқимизнинг маънавий-маданий мероси ҳамда интелектуал салоҳиятини намоён этади. Ку...

14.09.2017
Ёшлар билан очиқ мулоқот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга...